Таъкидлаш керакки, коронавирус пандемияси бутун дунёда бўлгани каби бу мураккаб жараён юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Шундай вазиятда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида муҳтарам Президентимиз томонидан ўзбек халқининг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.
Шундай умумхалқ ҳаракати доирасидаги тадбирлар туманимизда ҳам ўтказилиб келинмоқда. Дастлаб камбағал аҳоли қатлами билан узлуксиз ишлашни таъминлаш, уларни доимий қўллаб-қувватлаш ва иш самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар бир маҳаллада “Камбағал аҳолини рўйхатга олиш ва уни қисқартириш” дафтари ва секторларда “Темир дафтар” ташкил қилинди ҳамда аниқланган 1684 та эҳтиёжманд оила ушбу дафтарга киритилди. Натижада ушбу эҳтиёжманд оилаларга жорий йилнинг ўтган даври мобайнида умумий қиймати 1 миллиард 800 миллион сўмдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Бу саховатли тадбирда тумандаги 797 та тадбиркорлик субъектлари ва кўнгиллилар ўз мурувватини кўрсатишди. Айниқса, Навоий кон-металлургия комбинати Жанубий кон бошқармасига қарашли Зармитан кони ҳам ўзларининг беминнат ёрдамини бериб келишмоқда. Яқинда ҳам ушбу комбинат томонидан тумандаги 300 нафар кам таъминланган, кўмакка муҳтож оилаларга 14 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Шунингдек, ушбу комбинат томонидан 20 нафар СЭО ҳамда 10 нафар туман тиббиёт бирлашмасининг врачу ҳамшираларига коронавирус пандемияси давридаги ўзларининг фидойиликларини кўрсатаётганликлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Албатта, инсондан меҳр-мурувват, яхшилик қолади. Синовли кунларда барчамиз бирлашиб елкама-елка ҳаракат қилсак барчасини енгиб ўтамиз.
Т.СИДДИҚОВ.