Янги йил арафасида АТ “Агробанк” туман филиали ишчи-ходимлари қайта таъмирдан чиқарилган, замонавий қиёфа касб этган бинода иш фаолиятларини давом эттирадиган бўлишди.
Банк биносини капитал таъмирлаш мақсадида 2 миллиард 654 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, таъмирлаш ишлари «Бинокор сув қурилиш» қурилиш фирмаси томонидан амалга оширилди.
Замонавий қиёфага эга бўлган банк биносининг очилиш маросимида нуроний отахонлар, корхона ва ташкилот раҳбарлари, банкда иш фаолиятини олиб бораётган ишчи-ходимлар иштирок этишди.
Айни пайтда банкда 28 нафар ишчи-ходимлар фаолият олиб боришмоқда. Бу ерда «Back-office» ва «front-office» тизими орқали 30 дан ортиқ юридик ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
Эътиборлиси, бинога кираверишда мижозларга маслаҳат берувчи Ресепшн хизмати ташкил этилган. Бу ерда банк мутахассиси мижозларга маслаҳатлар, саволларига жавоблар беради. Бир сўз билан айтганда, ортиқча оворагарчиликларга чек қўйилади.
Шунингдек, банкда тадбиркорлар учун алоҳида, жисмоний шахслар учун алоҳида хизмат кўрсатиш жойлари ташкил этилган. Бундан ташқари, ишчи-ходимлар учун дам олиш хонаси, мажлислар зали ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Маълумот учун айтиш мумкинки, бугунги кунда АТ “Агробанк”нинг туман филиали томонидан 1500 дан ортиқ мижозга сифатли банк хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Шу билан бирга, филиалнинг кредит портфели 47,6 миллиард сўмни ташкил этиб, жорий йил бошидан буён 1043 та мижозга 29,7 миллиард сўм кредит маблаҚлари ажратилган. Айни пайтда ҳам бир нечта истиқболли лойиҳани молиялаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
— Янги йил арафасида барча қулайликларга эга бўлган замонавий банк туманимизда барпо этилгани мижозларимизни қувонтирди, — дейди АТ “Агробанк” туман филиали бошқарувчиси Б.Даминов. — Банк биноси жудаям чиройли ва замонавий таъмирланган ҳамда жиҳозланган. Бу ерга келадиган аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайликлар яратилган.
Қайтадан таъмирланган, замонавий қиёфага эга бўлган банк томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида мижозлар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсади ётибди. Фойдаланишга топширилган мазкур филиал аҳолига ва мижозларга янада сифатли банк хизматлари кўрсатиш имкониятини яратади.
Янги йил арафасида туман тиббиёт бирлашмасининг маъмурият биноси ҳам фойдаланишга топширилди. Албатта, бу бинонинг очилиши беморлар учун ҳам кўплаб афзалликларга эга бўлди. Сабаби, илгари тиббиёт бирлашмаси мамурияти ходимлари поликлиника биносида фаолият олиб боришар эди. Ўта тиқилинч, жой этишмаслиги сабабли кўплаб муаммолар пайдо бўларди.
Кенг ва ёруғ хоналарга эга бўлган бино иситиш тизимига ҳам уланган. Ходимлар учун дам олиш хонаси, мажлислар ва кутиш залларида барча шарт-шароитлар яратилган.
Шунингдек, туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ва “Тоза ҳудуд” ДУК туман бўлим ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлик маркази туман бўлимиинг янги бинолари фойдаланишга топширилди.
Янги биноларнинг очилиш маросимида туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев иштирок этди.
Ҳ.РАСУЛОВ.