Янги йил байрами арафасида “Булоқбоши” маҳалла фуқаролар йиғинида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқароларга 4 қаватли 24 та янгиланган лойиҳалар асосидаги уй-жойлар топширилди.
Уй-жойларни топшириш маросимида туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев юртимизда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлиги, “Давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойилнинг ҳаётда тобора ўз ифодасини топиб бораётганлигини таъкидлади.
Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан уйсиз, кам таъминланган, ногирон ва боқувчисини йўқотган оилаларни уй-жой билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу каби ишлар келгуси йилда ҳам давом эттирилади.
-Хурсандчилигим ичимга сиғмайди, – деди ёлғиз аёл, уч нафар фарзанднинг онаси Ф.Назарқулова. - Бу уйнинг менга берилиши ҳаётимни буткул ўзгартириб юборгандек гўё. Бунинг устига бизга берилган уйда ҳамма шароит муҳайё экан. Бунинг учун муҳтарам Юртбошимизга, туманимиз раҳбарларига миннатдорчилик билдираман.
Янги уйларнинг ишга туширилиши катта шодиёна, байрамга айланди. Янги уй эгаларини барча оғаин-қариндошлари, яқинлари табриклашди. Маҳалла оқсоқоллари дуога қўл очиб, юртимиз тинчлиги, эзгу ишлар бардавомлиги абадий бўлиши учун ният қилишди.
И.БОБОҚУЛОВ.